Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги бўйича 3 та ҳудуд тажрибаси учун 10 йиллик хорижий кредитлар ажратилади
Президент чорвани кўпайтириш бўйича Миришкор, Чуст ва Балиқчи тажрибаларни кўрсатиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган соҳа – чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифаси қўйилган ва намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилган.
Хусасан, ҳоким ёрдамчиси ва фермер хўжалиги ҳамкорлигида аҳолига қорамол ҳамда қўй ва эчки тарқатилган, етиштирилган сут ва гўштни сотиб олиш йўлга қўйилган Миришкор тажрибаси.
Бундан ташқари, томорқа хизмати корхонаси аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатган, ветеринария хизматларини бепул кўрсатаётган, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйган Чуст ҳамда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибаси ҳам мисол қилинган.
Маълум қилинишича, бу тажрибаларни кенгайтириш учун хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредитнинг 50 фоизига кафиллик, гидропоникада озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади.
Шунингдек, паррандачилик корхонаси аҳолига 50-100 бош хонаки парранда ва инкубатор тарқатган, мингтадан тухум сотиб олиш ва парранда кўпайтириш йўлга қўйилган Тахиатош тажрибаси алоҳида қайд этилган.
Ушбу тажрибалардан келиб чиқиб мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилган:
- 15 мартга қадар ҳар бир туманда камида 5 тадан маҳаллада Миришкор тажрибасини йўлга қўйиш;
- 1 майга қадар томорқа хизмати корхоналари орқали Чуст ва Балиқчи тажрибаларини барча туманларда жорий этиш ва бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм ажратиш.
Бундан ташқари, 1 июнга қадар Тахиатош тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камида 2 тадан лойиҳани ишга тушириш ҳамда 1 сентябрга қадар ҳар бир вилоятда камида 2 мингтадан хонадонга наслли чорва молларини тарқатишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Умуман, вилоят ҳокимлари юқоридаги 3 та тажриба асосида 2022 йилда жами 200 минг аҳоли бандлигини таъминлашга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилган.






