Ўзбекистонда қуриладиган ИЭСларнинг бир нечтасида Финляндия компанияси технологияларидан фойдаланилади
Энергетика вазирлигида Финляндия компанияси иштирокида семинар ўтказилди

Ўзбекистон Энергетика вазирлигида 4 ноябрь куни Финляндиянинг Wartsila компанияси билан ҳамкорликда электр энергетика соҳаси учун замонавий технологиялар бўйича семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент, Бухоро, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида газ-поршенли ва комбинацияланган иссиқлик электр станцияларини (ИЭС) қуриш лойиҳаларида Wartsila компанияси томонидан ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуналарни ўрнатиш кўзда тутилган.
Семинар давомида компаниянинг энергетика бизнеси бўйича директори Пекка Толонен бошчилигидаги делегация аъзолари бўлажак ИЭСларнинг диспетчерлари ва техник ходимларини ушбу ускунанинг ноёб имкониятлари билан таништирди.

Семинарда таъкидланишича, 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қарийб икки баробарга ортади. Шу муносабат билан мамлакат раҳбарияти томонидан ишлаб чиқариш қувватларини 30 гигаваттга ошириш вазифаси қўйилган. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмининг 25 фоизини ташкил қилиши режалаштирилган.
Шунингдек, муқобил энергия қувватларини ривожлантириш, энергия хавфсизлиги, жумладан замонавий технологияларга асосланган иссиқлик электр станцияларини ривожлантириш орқали электр тармоқларининг мувозанатини таъминлашда муҳим ҳисобланиши хабарда таъкидланган.
Шу мақсадда, туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда бир қатор замонавий иссиқлик электр станциялари қурилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида мутахассислар орасида ишончлилиги билан танилган 80 дан ортиқ Wartsila машиналарини ўрнатиш режалаштирилган.
Аввалроқ Тошкентда Туркия компанияси билан электр энергияси бўича 109 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Энергетика вазири ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари аниқлангани ҳақида хабар берилди.






