
Ўзбекистонда сўнгги 11 ойда қанча автокредит берилгани маълум бўлди
Ноябрь ойида 17,4 минг дона янги енгил автомобиль давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 7,8 триллион сўм миқдорида автокредитлар берилди. Бу 2020 йилдаги кўрсаткич — 5,6 триллион сўмга нисбатан 40 фоизга кўп.
Ҳудудлар кесимида автокредитлаш бўйича асосий ўсиш Бухоро вилояти (114 фоиз) ва Тошкент шаҳрига (2,4 марта) тўғри келади.
«Бирламчи автомобиль бозорида чиплар билан боғлиқ вазият қийинлигича қолмоқда. Микрочипларнинг етишмаслиги машиналар етишмовчилиги ва ускуналарнинг ўзгаришини келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, янги автомобиллар сегменти ортидан иккиламчи бозорда нархлар ошиб бормоқда», дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида.
Маълум бўлишича, сотувнинг энг юқори ўсиш суръатлари Қашқадарё (12,1 фоиз), Хоразм (10,5 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (6,3 фоиз) қайд этилган. Наманган (17,1 фоиз), Фарғона (14,9 фоиз), Сурхондарё (14,4 фоиз) ва Навоий (10 фоиз) вилоятларида автомобиллар хариди камайган.
2021 йил ноябрь ойида 17,4 минг дона янги енгил автомобиль давлат рўйхатидан ўтказилган (октябрь ойига нисбатан 5,9 фоизга камайиш). Шундан, 1270 донаси (7,3 фоизи) чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобланади.
Умуман, январь-ноябрь ойларида республика бўйича 169,7 минг дона янги енгил автомобиль давлат рўйхатидан ўтказилган.
Аввалроқ Ўзбекистон энг кўп автомобиль импорт қилаётган давлатлар ҳақида хабар берилганди.




