Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет» ғолибларига қанча миқдорида пул ўтказиб берилгани очиқланди
«Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлмаган лойиҳаларга бир ҳафта ичида 335 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, 2023 йилдан вилоят буджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи «Ташаббусли буджет» лойиҳаларига берилади — рўйхат

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Мазкур йиғилишда 2022 йилнинг иккинчи ярмида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз бергани (биринчи ярим йилликда 4 мингта маҳалла қатнашган) маълум қилинди.
Таъкидланишича, бу борада, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси фаол бўлди. Овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Шунингдек, Президент «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу боис, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.
Шу билан бирга, 200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.
Йиғилишда қайд этилишича, 4 979 та маҳалладаги ички йўллар, ичимлик суви ва оқова тизими, электр энергияси ва газ таъминоти, боғча, мактаб ва спорт объектлари, ободонлаштириш, суғориш, кўчаларни ёритиш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга бир ой муддатда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» жамғармаларига 1,7 триллион сўм йўналтириш топширилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилиши мумкин.






