Ўзбекистондаги 100 дан ортиқ туманнинг «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га бюджетдан қўшимча маблағ ажратилади
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»да шаклланган миқдори 1 миллиард сўмгача бўлган ҳамда келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туманларга (шаҳарларга) республика бюджетидан қўшимча 117 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилмоқда. Муҳим ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларини амалга ошириш учун Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларига қўшимча 300 миллиард сўм маблағ берилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, шу жумладан, инфратузилма объектларини қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қўшимча 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармага қўшимча 50 миллиард сўм трансфертлар йўналтирилмоқда.
«Қонуннинг маъқулланиши республика бюджетидан маблағ ажратиш, маҳаллий бюджетлардан ушбу мақсадларга сарфланиши назарда тутилган маблағларни ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтириш имконини яратади», дейилади хабарда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.






