Ўзбекистондаги банкларда нақд валюта тақчиллиги кузатилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги тижорат банкларида валюта чекловлари ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалди

Ўзбекистондаги бир қатор банклар томонидан ҳисоб-рақамдан нақд валюта ечиб олишда чекловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Nova24» тарқалган хабарлар юзасидан ўрганиш олиб борди.
Марказий банк «Nova24» сўровига жавобан, тижорат банкаларида хорижий валюталарни алмаштиришда ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаганини маълум қилди.
«Мавжуд геосиёсий вазият туфайли охирги пайтларда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг кескин ўсиши кузатилмоқда, бу эса ўз навбатида мамлакат ичида нақд хорижий валютага бўлган талабни оширмоқда. Дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатадики, нақд хорижий валютанинг вақтинча тақчиллиги тижорат банкларининг узоқдаги филиалларига нақд пул белгиларининг логистикаси билан боғлиқ бўлиши мумкин», – дея изоҳ берган Марказий банк.
Қайд этилишича, жисмоний шахслар томонидан тижорат банклари орқали чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш, шунингдек, пул ўтказмалари операциялари чекловларсиз амалга оширилмоқда.
Аввалроқ айрим тижорат банкларида жисмоний шахслар учун 1 500 долларгача чеклов ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.






