Ўзбекистондаги тадбиркорларнинг 80 фоизи бизнеслари ўсишига ишонади — сўров
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази корхоналар ўртасида сўров ўтказди.
Ўзбекистондаги тадбиркорларнинг 80 фоизи бизнеслари ўсишига ишонади. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kommers.uz’га маълум қилди.
Марказ томонидан мингдан ортиқ корхона иштирокида сўровнома ўтказилди. Сўров икки йўналишда: бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш ва тадбиркорларнинг келгуси уч ой давомида ўз бизнесини ривожлантириш истиқболларига бўлган умидлари бўйича ташкил этилди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг февраль ойида ишбилармонлик муҳитининг умумий кўрсаткичи 60 пунктни ташкил этган ва шу йилнинг январь ойига нисбатан 1 пунктга ошди, бу мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолайди (2021 йил февраль ойида — 60 пункт; шу йилнинг январь ойида — 59 пункт).
Тармоқлар контекстида ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи қишлоқ хўжалигида — 67 пункт, хизмат кўрсатишда — 56 пункт, қурилишда — 56 пункт ва саноатда — 59 пунктни ташкил этди.
Таъкидланишича, бизнесни ривожлантириш истиқболларини кутиш кўрсаткичи 79 пунктни ташкил этди, бу эса тадбиркорларнинг келгуси 3 ой давомида бизнесни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги умидларини оптимистик деб акс эттиради.
Тадбиркорларнинг 80 фоизи ўзларининг бизнес истиқболлари яхшиланишига ишонади. 73 фоиз корхоналарда товар ва хизматларга бўлган талаб яхшиланиши, ишчилар сони 68 фоизга ошиши кутилмоқда.
Тадбиркорларнинг 22 фоизи келгуси 3 ой ичида товарлар/хизматлар нархларининг кўтарилишини кутмоқда, 29 фоизи нархлар ўзгармайди ва 3 фоизи нархлар пасаяди, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 46 фоизи яқин келажакда ўз товарлари/хизматлари нархи қандай ўзгаришини билмайди.
Тармоқлар кесимида ишбилармонлик фаолиятининг истиқболларини кутиш кўрсаткичи:
- қишлоқ хўжалигида — 88 пункт;
- саноатда — 81 пункт;
- қурилишда — 84 пункт;
- хизмат кўрсатишда — 69 пункт.
Умуман олганда, мавжуд вазият ва истиқболдаги кутилмалар ўртасидаги боғлиқлик шуни англатадики, тадбиркорлик субъектларининг тахминларига кўра, иқтисодиётни ижобий ривожлантириш тенденцияси кейинги 3 ой ҳам давом этади.
Ишбилармонлик муҳитининг умумий индикаторидаги ўзгаришлар индикаторнинг бир қатор таркибий қисмларига тузатишлар билан боғлиқ. Жумладан, ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолат кўрсаткичи 43 пунктни ташкил этди, бу тадбиркорларнинг ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатига нисбатан ижобий кайфиятини тавсифлайди (2021 йил февраль — 44 пункт).
Шунингдек, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 43 фоизи ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини яхши деб қайд этди. Сўнгги 3 ой ичида бизнеснинг ҳолати қандай ўзгарганлиги ҳақидаги саволга тадбиркорларнинг 29 фоизи — яхшиланди, 53 фоизи — ўзгармади ва 18 фоизи — ёмонлашди деб жавоб берди.
Бундан ташқари, 39 фоиз корхоналарда товар/хизматларга бўлган талаб яхшиланди, ходимлар сони эса 22 фоиз корхоналарда ошди.
Тармоқлар кесимида ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи:
- қурилиш — 30 пункт;
- саноат — 39 пункт;
- қишлоқ хўжалиги — 48 пункт;
- хизмат кўрсатиш — 44 пункт.
Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 47 фоизи тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билдирган.
Тадбиркорлар асосий муаммолар орасида молиялаштириш ва ер участкалари, юқори солиқ ставкалари, юқори нархлар ва хом ашёнинг етишмаслиги ва товарлар/хизматларга бўлган талабнинг пастлиги, солиқ маъмурчилиги, электр таъминоти ва бошқаларни таъкидлади.
Ишбилармонлик муҳити индикаторининг динамикаси
Аввалроқ ҳудудларнинг январь ойидаги ишбилармонлик фаолияти хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси бўйича қайси вилоят етакчилиги ҳақида хабар берилди.