Ўзбекистоннинг 3 та вилоятида газ қуйиш шохобчалари вақтинча фаолиятини тўхтатади
АГТКШ тез орада аввалги тартибда ишлаш режимига ўтиши маълум қилинди.

Фарғона водийсидаги АГТКШлар 18 февраль соат 14:00дан 19 февраль соат 06:00 гача фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, республика ҳудудида шу кунларда совуқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бундай пайтда аҳоли, истеъмолчилар ва ижтимоий соҳа объектлари, стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарни узлуксиз ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бирламчи вазифа саналади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорининг «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари», 7-боб 58-банди ҳамда улгуржи ва «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ етказиб бериш тўғрисида» расмийлаштирилган икки томонлама шартнома шартларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чекловлар жорий қилинмоқда.
Хусусан, Фарғона водийсидаги АГТКШлар 18 февраль соат 14:00дан 19 февраль соат 06:00 гача фаолиятини тўхтатади.
«Ҳурматли истеъмолчилар, вақтинчалик чеклов чоралари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилгунга қадар давом этади ҳамда АГТКШ тез орада аввалги тартибда ишлаш режимига ўтишини маълум қиламиз. Вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ ҳам Фарғона водийсидаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча фаолиятини тўхтатгани хабар қилинганди.






