Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан 2021 йилги савдо ҳажми маълум қилинди
Қўшни давлатлар билан ташқи савдо ҳажми 2020 йилга нисбатан 15,1 фоизга кўпайди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2021 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасида юз берган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил давомида Марказий Осиё давлатларининг ташқи савдодаги улуши 6,3 млрд долларни ташкил этган. Шунингдек, ташқи савдо ҳажми 2020 йилга нисбатан 15,1 фоизга кўпайган.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь-декабрь ойлари якуни билан Ўзбекистонинг Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 3 миллиард 910,5 миллион долларни ташкил этган. Экспорт ҳажми — 1 миллиард 172,1 миллион долларга, импорт ҳажми эса 2 миллиард 738,4 миллион долларга етган.
Шунингдек, Ўзбекистон 2021 йилда Қирғизистон билан ташқи 952,6 миллион долларлик савдо амалга оширган. Экспорт ҳажми — 791,1 миллион долларни, импорт ҳажми эса 161,5 миллион долларни ташкил этган.
Бундан ташқари, Туркманистон билан ташқи савдо айланмаси 881,9 миллион долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми — 191,3 миллион долларга, импорт ҳажми эса 690,6 миллион долларга етган.
Шу билан бирга, Тожикистон билан ташқи савдо айланмаси 604,5 миллион долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми — 500,9 миллион долларни, импорт ҳажми эса 103,6 миллион долларни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг 2021 йилги ташқи савдо айланмаси таркиби маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг кўп улушга эга давлатлар ҳақида хабар берилди.






