«Ўзметкомбинат» Li Da Metal Technology’нинг 51 фоиз улушини сотиб олди
Битим комбинатнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.

«Ўзметкомбинат» 28 январь куни «Li Da Metal Technology» МЧЖнинг 51 фоиз улушини сотиб олишни якунлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, битим комбинатнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. «Li Da Metal Technology»МЧЖ Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида жойлашган. У 2020 йилда Хитой инвестори томонидан ишга туширилган. Корхона пўлат ва прокатлаш цехларидан, шунингдек ёрдамчи майдончалар: металл парчаларни тайёрлаш, электр подстанцияси, сув тозалаш участкаси, кислород компрессор цехи ва лабораториядан иборат.
Ушбу корхона П12-П25 бардошлик даражаси А400-А500 юқори навли темир прокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ҳамма керакли металлургия ва прокатлаш ускуналари билан жиҳозланган.
Корхонанинг қуввати йилига 200 минг тонна арматурани ташкил этади. 2021 йил якунларига кўра «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан 1,08 миллион тонна металл маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб 2020 йилга қараганда 6,5 фоиз ўсиш бўлган.






