Португалияда Абрамовичга фуқаролик олишда ёрдам берган яҳудийлар етакчиси ушланди
Раввин миллиардерга Португалия паспортини олишга рухсат берувчи ҳужжатни топширган.
Португалия жиноят қидирув департаменти Роман Абрамовичга фуқаролик берилиши юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида маҳаллий яҳудийлар жамоати етакчиси Даниел Литвакни ҳибсга олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, раввин россиялик миллиардер Роман Абрамовичга Португалия фуқаролигини олишга рухсат берувчи ҳужжат топширган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари пул ювиш, коррупция ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича тергов доирасида қидирув ҳамда бошқа тадбирларни ҳам ўтказган.
Хабарга кўра, Порту шаҳридаги яҳудий жамоати ҳар қандай ҳуқуқбузарликни инкор этмоқда ва «туҳмат кампанияси» нишонига айланганини таъкидламоқда.
Қайд этиш керакки, Абрамович 2021 йил апрель ойида ўрта аср инквизицияси даврида Пиреней ярим оролидан чиқариб юборилган Сефард яҳудийларининг авлодлари учун натурализация қонуни орқали Португалия фуқаролигини олган.
Ариза берувчиларнинг насл-насаби Лиссабон ёки Портудаги яҳудий марказларидан бирида мутахассислар томонидан текширилади. Литвак Абрамовични текшириш жараёнига масъул бўлган Порту шаҳрининг раввинидир.
Прокуратура январь ойида миллиардернинг фуқаролиги бўйича тергов бошлаганди. 10 март куни Португалия ҳукуматидаги манба Reuters агентлигига Абрамович тергов натижаларига қараб фуқароликдан маҳрум этилиши мумкинлигини айтган.
Аввалроқ Португалия Буюк Британиянинг Абрамовичга қарши киритилган санкцияларига муносабат билдиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Роман Абрамович «Челси»ни қанчага сотиши ҳақида хабар берилди.