Қозоғистондаги тартибсизликлар: мамлакат чакана савдо тармоқлари қанча зарар кўрди?
Magnum савдо тармоғининг 12 та дўкони тунаб кетилган.

Қозоғистондаги норозилик намойишлари 2022 йилнинг 2 январида суюлтирилган газ нархининг тўсатдан 55-60 тенгедан 120 тенгега кўтарилиши ортидан бошланди ва ҳали ҳам давом этмоқда.
Савдо тармоқлари иттифоқи аъзоси Дмитрий Шишкин Олмаотадаги савдо тармоқлари ва дўконларига етказилган зарарнинг дастлабки кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Sputnik нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, Magnum Cash and Carry’нинг 23 та дўкони зарар кўрган: 12 таси тунаб кетилган, 11 таси қисман шикастланган. Умумий зарар 8,5 миллиард тенге — тахминан 210 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

«Технодом»нинг Олмаота ва Толдиқўрғондаги 14 та дўконига зарар етган, бу тахминан 5,5 миллиард тенге — 135,5 миллиард сўмга баҳоланмоқда.
Шунингдек, Sulpak’нинг Олмаотадаги 11 дўконига шикаст етган, зарар миқдори тахминан 5,14 миллиард тенге — 126,7 миллиард сўмни ташкил қилган.

Alser электроника дўконлари тармоғининг Олмаотадаги 7 та дўкони зарар кўрган, бу тахминан 1 миллиард тенге — 24,6 миллиард сўмга баҳоланмоқда.
«Спортмастер Казахстан» МЧЖ ёки «Остин Казахстан» МЧЖга қарашли Уралск, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида жойлашган 20-25 дўкон зарар кўрган. Бу тахминан 3 миллиард тенге — 73,9 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Косметика ва парфюмерия савдоси билан шуғулланувчи Mon Amie брендининг Олмаотадаги 8 та дўкони зарар кўрган. Бу бизнесга қанчага зарар келтиргани ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Intertop ва Evrika’га етказилган зарар 50 миллион тенге — 1, 23 миллирад сўмга баҳоланмоқда. KIMEX/Grazie’нинг Олмаотадаги 11 дўкони зарар кўрди. Бу 11 миллиард тенге — 271,1 миллиард сўмни ташкил қилган.
Аввалроқ Қозоғистонда ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва сўнгги воқеалар туфайли бизнесга етказилган дастлабки зарар 40 миллиард тенге (91,8 миллион доллар)га баҳолангани хабар қилинганди.






