«Шарғункўмир» ходимларига 2,5 млрд сўм иш ҳақи тўлаб берилмагани аниқланди
Корхона раҳбариятига тўланмай қолган маошларни бериш бўйича ёзма кўрсатма киритилди.

Сурхондарё вилоятидаги «Шарғункўмир» корхонасининг ходимларига 2,5 миллиард сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмагани аниқланди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқда «Шарғункўмир» корхонаси ходимларига ойлик иш ҳақлари берилмаганлиги баён қилинган хабар бўйича Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган.
Аниқланишича, 2021 йил 15 декабрь ҳолатига кўра, «Шарғункўмир» раҳбарияти томонидан ходимларга 2,5 миллиард сўм миқдорида ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги маълум бўлган.
Қайд этилишича, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан «Шарғункўмир» корхонаси раҳбариятига фуқароларнинг тўланмай қолган маошларини бериш бўйича ёзма кўрсатма киритилган. Шунингдек, ходимларнинг иш ҳақларини ўз вақтида тўлашда Меҳнат кодексининг 154, 161-моддалари талабларига риоя қилиш юзасидан тушунтиришлар берилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги жамғармасига нотўғри сарфланган салкам 407 миллион сўм қайтарилгани хабар қилинганди.






