Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий кенгашининг онлайн саммитида қатнашади
Саммит Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида бўлиб ўтади.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтказиладиган навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбир Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида бўлиб ўтади. Унда Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат — Куба етакчиларининг иштирок этиши режалаштирилган.
Шунингдек, саммит кун тартибига мувофиқ, ЕОИИ доирасидаги интеграция жараёнларини кенгайтириш ва ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Маълумот ўрнида, 2020 йил декабрь ойидан буён Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликдан қандай фойда олиши хабар қилинганди.






