Tesla акциялари 9 фоизга тушиб кетди. Илон Маск қарийб 20 млрд доллар йўқотди
Бизнесменнинг капитали 223,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Tesla акциялари 27 январдаги савдоларда 9 фоизга тушиб кетди ва 857 доллардан савдо қилинди. Бу ҳақда Forbes ёзмоқда.
Tesla акцияларининг нархи тушиб кетиши компания асосчиси, дунёдаги энг бой тадбиркор Илон Маскнинг ҳам молиявий ҳолатига таъсир қилмай қолмади. Нашрнинг ёзишича, Маскнинг капитали 223,7 миллиард долларга баҳоланган, бу бир кун аввалгига нисбатан 19,1 миллиард долларга камдир.
Қайд этилишича, Tesla бош директори Илон Маск инвесторлар билан бўлиб ўтган конференция чоғида компания жорий йилда бозорга янги автомобиль моделларини олиб чиқмаслигини айтган. Акциялар нархининг қулаши айнан шу баёнот билан боғлиқ.
Аввалроқ Американинг электромобиль ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси 2021 йилда компания объектлари етказиб бериш занжиридаги муаммолар туфайли тўлиқ қувват билан ишламаётганига қарамай, рекорд даражадаги соф фойда қайд этгани хабар қилинганди.






