Times Travel Ўзбекистонни кашф қилиш учун 11 кунлик саёҳат маршрутини таклиф қилди
Қўшимча 400 фунт тўлаган ҳолда саёҳатни ўзига маъқул санада ташкиллаштириш мумкин.

Буюк Британиянинг Times Travel саёҳат компанияси Ўзбекистонни кашф қилиш учун 11 кунлик саёҳат маршрутини таклиф қилди.
«Агар бирор давлат ҳақиқатан ҳам Ипак йўлини тўлалигича ифодаласа, бу давлат фируза билан қопланган Ўзбекистон — афсонавий савдо йўлининг марказида жойлашган мамлакат бўларди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу 11 кунлик кичик гуруҳ сафари Ипак йўлининг энг мафтункор шаҳарларидан иккитаси: Бухоро ва Самарқандни ўз ичига олади. UNESCO рўйхатидаги бойликларни ҳар қадамда учратиш мумкин бўлган мамлакатда чўл қўрғонлари, қадимий шаҳарлар ва гўзал бозорлар уйғунлашган, дея таърифланади Ўзбекистон.
«Ушбу саёҳат кўзни қамаштирувчи меъморий ва маданий бойликларга эга ажойиб Самарқанд шаҳрига олиб боради. Унда Бухоронинг ажойиб обидалари, ислом архитектурасининг энг яхши намуналарини намойиш этувчи масжид ва мадрасалар билан танишиш мумкин. Бундан ташқари, гавжум пойтахт Тошкент ҳамда гўзал шаклда сақланиб қолган девор билан ўралган Хиванинг эски шаҳри билан танишиш имконияти мавжуд», дейилган хабарда.
Таъкидланишича, компания томонидан Signature Collection учун эксклюзив тузилган ушбу маршрут Нарота тоғларида анъанавий қишлоқ ҳаётини бошдан кечириш ва маҳаллий таомлардан баҳраманд бўлиш имкониятини ҳам беради. Турларнинг барчаси мутахассис гидлар иштирокида ўтказилади.
Компания ўз мижозларига Lonely Planet Марказий Осиёни «2020 йилнинг энг яхши ҳудуди» деб эътироф этганини ҳамда Буюк Британияликлар учун Ўзбекистонга визасиз кириш режими мавжудлигини эслатган.
«Британия фуқаролари учун Ўзбекистонга янги визасиз кириш имконияти билан бу саёҳат Буюк Ипак йўли шаҳарларининг энг яхшиларини 11 та ажойиб кунга жамлаган ҳолда кўриш учун ажойиб фурсатдир», дейилади компания хабарида.
Ушбу маршрут маълум саналарда кичик гуруҳли тур сифатида таклиф этилади, аммо уни хоҳишга кўра шахсий турга айлантириш ҳам мумкин. Қўшимча 400 фунт тўлаган ҳолда шахсий йўлраҳбарига эга бўлиш ва ўзига маъқул бўлган санани танлаш имконияти мавжуд.
Аввалроқ Forbes Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та манзил рўйхатига киритгани хабар қилинганди.






