Тўра Боболовнинг Бандихон ҳокимига Skoda машинасини сотиб олиш бўйича чиқарган фармойиши бекор қилинди
Бандихон тумани ҳокимлигига сотиб олиниши режалаштирилган хизмат автотранспортининг нархи Ҳукумат томонидан белгиланган меъёрларга зид бўлган. Ҳукумат қарорида туман ва шаҳар ҳокимликларининг раҳбарларига сотиб олишга рухсат этилган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи БҲМга нисбатан 1000 баробари (300 млн сўм) этиб белгиланган

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов 18 октябрда Бандихон туман ҳокимлигига Skoda Kodiaq Ambition хизмат машинасини харид қилиш учун 429 млн сўм ўтказиш тўғрисида 23-8-0-Ф/22-сонли фармойишни имзолаган. Бандихон тумани ҳокимлигига сотиб олиниши режалаштирилган хизмат автотранспортининг нархи Ҳукумат томонидан белгиланган меъёрларга зид бўлган.

Маълумот учун, Ҳукумат қарори билан белгиланган меъёрларга кўра, туман ва шаҳар ҳокимликларининг раҳбарларига сотиб олишга рухсат этилган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи БҲМга нисбатан 1000 баробари (300 млн сўм), раҳбар ўринбосарларига эса базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 700 баробари (210 млн сўм) этиб белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вилоят ҳокимлигига тегишли фармойишини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилган ҳамда мазкур фармойиш бекор қилинган.






