Тошкентда қарийб 5 минг евро қалбаки тангалар муомалага киритилгани аниқланди
Айни вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳрида қарийб 5 минг евро қалбаки тангалар ҳамда Қашқадарёда 2 миллион қалбаки сўм муомалага киритилгани аниқланди. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўтказилган терговга қадар текширувда, банк муассасасига қарашли «Марказ» номли валюта айрибошлаш шаҳобчасига топширилган 2 евро номиналидаги 2470 дона 4940 евро миқдоридаги тангалар қалбаки эканлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, касса амалиётлари ва нақд пул муомаласи бўлими ходимлари томонидан ушбу валюталар текширилмасдан қабул қилинган. Бунинг оқибатида банк манфаатларига 59,3 миллион сўм зарар етказилган.
Худди шундай, Қашқадарё вилоятида ўтказилган терговга қадар текширувда, «М» МЧЖ мол бозорида фуқаро 2 бош қўйларини сотиш эвазига ўзига нотаниш бўлган шахслардан олган 2,1 миллион сўм пуллардан 100 минг сўм купюрадаги 20 донаси қалбаки эканлиги аниқланган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






