Тошкентдаги чорраҳаларнинг барчасига махсус автоматлаштирилган камералар ўрнатилади
Пойтахт ҳокимлиги, Ички ишлар ва Ахборот технологиялари вазирлиги лойиҳага масъул этиб белгиланган.

Пойтахтда мавжуд 605 та чорраҳанинг барчасига 2022 йил якунига қадар замонавий махсус фото ва видео қурилмалар ўрнатилади. Бу ҳақда Президент имзолаган «Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда сўз боради.
Қарорда тасдиқланган «йўл харитаси»да белгиланишича, мавжуд барча чорраҳалар йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимига интеграция қилинади.
Хусусан, пойтахтда мавжуд 605 та чорраҳанинг барчасига 2022 йил якунига қадар шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджети ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳисобидан замонавий махсус автоматлаштирилган фото ва видеоқурилмалар ўрнатилади.
Шунингдек, 494 та чорраҳага ўрнатилган барча махсус автоматлаштирилган фото ва видео қурилмалари йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимига интеграция қилинади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар ва Ахборот технологиялари вазирлиги юқорида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишига масъул этиб белгиланган.
Аввалроқ Фарғона вилоятида қуёш батареяларида ишлайдиган кўчма светофорлар ўрнатилгани хабар қилинганди.






