
Тошкентдаги Lotte меҳмонхонасини сотиш жараёни бошланди
Манфаатдор шахслар инглиз, рус ёки ўзбек тилларида тайёрланган ва аризачининг ваколатли вакили томонидан имзоланган хат шаклида ариза бериши лозим.

Давлат активларини бошқариш агентлигиLotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасини рақобатли сотув жараёни орқали хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди.
Таъкидланишича, ушбу савдо жараёнига KPMG Valuation and Consulting МЧЖ активни хусусийлаштириш бўйича энг яхши таклифларни танлаш асосида, эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.
Актив бўйича қисқача маълумот:
- 4 юлдузли Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонаси Тошкент марказида сайёҳлар ва пойтахтнинг ишбилармон меҳмонлари учун қулай шароитга эга. Меҳмонхона машҳур Навоий опера ва балет театри қаршисида, Марказий Мустақиллик майдони ҳамда Амир Темур майдонига яқин масофада жойлашган;
- 2013 йилда Жанубий Кореянинг Lotte Hotel бренди бошқарувига ўтказилди, шу билан бирга меҳмонхонани халқаро товар сифат стандартларига мувофиқ тўлиқ таъмирлаш амалга оширилди;
- меҳмонхона Hotelstars Union таснифлаш тизимининг юқори стандарти талабларига жавоб беради;
- умумий ер майдони 1,14 гектар, бино ва иншоотлар майдони 24,3 минг квадрат метрни ташкил этади;
- Lotte сифат стандартлари қўлланилган мазкур меҳмонхона 232 та хоналарини, жумладан, 119 та стандарт ва 113 та замонавий қулайликларга эга, оилавий/бизнес хоналарни ўз ичига олади.
Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартлари даражасида жиҳозланган турли тадбирларни ўтказишга мўлжалланган бир нечта конференция заллари, шунингдек, 3042 квадрат метр майдонга эга банкет зали, очиқ бассейн ва фитнес-соғломлаштириш маркази мавжуд.
Иштирок этиш учун аризани тақдим этиш бўйича расмий таклифнома (RfP) қўшимча равишда эълон қилинади. Ариза бериш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлади. Манфаатдор шахслар инглиз, рус ёки ўзбек тилларида тайёрланган ва аризачининг ваколатли вакили томонидан имзоланган хат шаклида ариза бериши лозим.
Аввалроқ Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасини сотиш ишлари бошланганди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz




