Voyager фойдаланувчилари криптоброкерни судга берди
Ғирром хизматдан кўрилган зарар 1 млрд долларга баҳоланмоқда.

Voyager криптоброкерлик хизмати фойдаланувчилари ушбу хизматга қарши даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълум қилинишича, фойдаланувчилар Voyager’нинг савдо жараёнидан комиссия олаётганини пайқаган. Айни вақтда криптоброкер кўрсатиладиган хизмат учун комиссия йўқлигини даъво қилмоқда. Бу махинациялардан кўрилган зарар 1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, платформа фойдаланувчиларини барча транзакциялар «100 фоиз комиссиясиз» эканига ишонтирган. Компаниянинг алоқа бўйича бош директори Майкл Леггнинг таъкидлашича, даъво «уйдирма ва асоссиз», аммо Voyager барибир «у билан орани очиқ қилиш ниятида».
Даъвогарлардан бири Марк Кессиди илгари Robinhood крипто-алмашинувидан фойдаланганини айтган. Voyager’га ўтишга қарор қилганида, у хизматда айирбошлаш операциялари нархи юқорироқ эканини пайқаган.
Voyager’га қарши даъво билан адвокат Адам Московиц судга мурожаат қилган. Адвокатга кўра, агар Voyager суд қарорига рози бўлса, унинг фирмаси қонуний компенсация талаб қилмайди. Таклиф қилинган қарор ноқонуний амалиётга чек қўйиш, шунингдек, ишончли маълумотларни инвесторларга ошкор қилишни кўзда тутади. Платформа буни 75 кун ичида бажариши шарт.
«Мутахассислар бизга Voyager қайсидир маънода казинога ўхшаб ташкил этилганини тушунтиришди — ҳар бир фойдаланувчи охир-оқибат ютқазади», — дея хулоса қилган Московиц.
Аввалроқ Apple Исроил компаниясини хакерлик қилгани учун судга бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда криптомайнерлар туфайли электр таъминотида узилишлар бошлангани ҳақида хабар берилди.






