WhatsApp Android’нинг эски версияларида ишлашни тўхтатди
Мессенжер иловаси Android 4.1 ва ундан кейинги версияларини қўллаб-қувватлайди

WhatsApp 1 ноябрдан бошлаб Android 4.0.4 ва ундан эски версиядаги қурилмаларни қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда мессенжер баёнотида маълум қилинган.
Қайд этилишича, мессенжер иловаси бундан буёғига Android 4.1 ва ундан кейинги версияларини қўллаб-қувватлайди.
«WhatsApp 2021 йил 1 ноябрда Android 4.0.4 ёки ундан олдинги версияларда ишловчи телефонларни қўллаб-қувватлашни тўхтатади. Биз ушбу санадан олдин қўллаб-қувватланадиган қурилмага ўтишни ёки суҳбатлар тарихини сақлашни тавсия қиламиз», дейилади пресс-релизда.
Бундан ташқари, энди фойдаланувчининг Android тизими рақамни текшириш жараёнида SMS ёки қўнғироқларни қабул қилиш имкониятига эга бўлиши керак. Эндиликда WhatsApp фақатгина Wi-Fi орқали ишлайдиган қурилмаларни ҳам қўллаб-қувватламайди.
Маълумот учун, мессенжер iPhone’ларда iOS 10 ёки ундан кейинги версияларда ишлайди.
Аввалроқ Facebook номи ва логотипини ўзгартирганди. Шунингдек, Telegram мессенжердаги каналларга расмий рекламалар юборишни бошлаши маълум қилинди.






