«Яндекс» компаниясининг бош директори ўзгарди
Янги бош директор компаниялар гуруҳининг бошқарувчи директори лавозимини ўзида сақлаб қолади.
Тигран Худавердян «Яндекс» компаниясининг Россиядаги янги бош директори бўлади — у Елена Бунинанинг ўрнини эгаллайди. Бу ҳақда компания сайтида ахборот эълон қилинди.
Маълум қилинишича, Худавердян янги лавозимини бутун компаниялар гуруҳининг бошқарувчи директори лавозими билан бирлаштиради.
Елена Бунина 2017 йилдан бери Россиянинг «Яндекс» компанияси раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. Энди у кадрлар бўйича директор лавозимига ўтади. Бунина, шунингдек, таълим лойиҳаларини ишлаб чиқишга эътибор қаратади.
«Худавердян 2019 йилдан бери «Яндекс» гуруҳининг бошқарувчи директори, Аркадий Волож эса гуруҳнинг бош директори бўлиб қолмоқда», дейилади хабарда.
Бундан олдин Bloomberg манбалари Худавердян Европа Иттифоқи санкциялари остида қолиши мумкинлигини хабар қилган.
Аввалроқ «Яндекс» директорлар кенгашининг икки аъзоси компанияни тарк этиши хабар қилинганди. Шунингдек, «Яндекс» акциядорларини дефолт хавфидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берилди.