Алишер Усмонов ҳолдинги акцияларини сотиши ортидан VK бош директори ишдан кетади
VK’нинг янги раҳбари «Ростелеком» вице-президенти Владимир Кириенко бўлиши тахмин қилинмоқда

VK (собиқ Mail.ru Group) бош директори Борис Добродеев ўз лавозимини тарк этмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«У VK директорлар кенгаши янги бош директорни тайинламагунча ўз вазифаларини бажаришда давом этади: бу ишларни муаммосиз топширишни таъминлайди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Добродеев Алишер Усмонов компанияси ўз улушини «СОГАЗ»га сотиш орқали VK устав капиталидан чиққанидан сўнг, истеъфога чиқишини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, VK’нинг энг йирик акциядорлари орасида Юрий Ковалчукнинг «Газпром» ва «Аквила» компаниялари бор. VK таркибига «ВКонтакте», «Одноклассники», «Mail.ru», шунингдек, «Юла», Delivery Club ва «Ситимобил» хизматлари киради.
Маълум қилинишича, Добродеев янги бош директор тайинланмагунча ўз лавозимида қолишга ваъда берган.
«Кўп режаларим бор: рақамли активлар, жумладан AliExpress Россия билан ишлаш учун USM’га қайтиш ва глобал венчур фондини ишга тушириш. Аммо яқин келажакда мен бош директор алмашинувини акциядорлар учун имкон қадар силлиқ, жамоа учун хотиржам ва миллионлаб фойдаланувчиларимиз учун кўринмас ҳолга келтиришга эътибор қаратаман», — дейди Добродеев.
The Bell хабарига кўра, 95 фоизлик эҳтимол билан VK’нинг янги раҳбари «Ростелеком» вице-президенти Владимир Кириенко бўлади.
Аввалроқ Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM компанияси VK (ВКонтакте)даги акцияларининг 57 фоизини «Согаз» гуруҳига сотгани ҳақида хабар берилганди.






