«Челси» клуби эгаси миллиардер Абрамович бошқа давлат фуқаролигини олди
У Пиреней ярим оролида яшовчи Сефард яҳудийлари жамоасининг авлоди сифатида фуқароликка қабул қилинган.

Англиянинг «Челси» футбол клуби эгаси, россиялик миллиардер Роман Абрамович Португалия фуқаросига айланди. Бу ҳақда Público нашрига таяниб «Медуза» хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Абрамович фуқаролик тўғрисидаги қонунга кўра, Пиреней ярим оролида яшовчи Сефард яҳудийлари жамоасининг авлоди сифатида фуқароликка қабул қилинган. Тадбиркор фуқароликни олиш учун 2020 йил октабр ойида ариза топширган, жараён 2021 йил апрелида якунланган.
Абрамовичнинг келиб чиқиши миллиардер ҳамкор бўлган Португалия яҳудий жамоасининг Сефардик комиссияси томонидан тасдиқланган. Público газетасининг қайд этишича, Абрамович Португалия паспортини олганидан кейин мамлакатнинг энг бой фуқаросига айланган. Роман Абрамович ёки унинг вакиллари ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермаган.
Сефард яҳудийлари — Пиреней ярим оролида ташкил топган яҳудийларнинг субетник гуруҳи. XV аср охирида ярим оролда яшаган яҳудийлар Испания ва Португалиядан қувиб чиқарилган.
Маълумот учун, 2018 йилнинг май ойида Роман Абрамович Исроил фуқаролигини олган. Бу воқеа Буюк Британия унинг инвестиция визаси учун ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнини кечиктирганидан кейин содир бўлди.
Роман Абрамович 2021 йил апрель ойида Forbes талқинига кўра Россиянинг энг бой тадбиркорлари рейтингида 12-ўринни эгаллади. Журнали унинг бойлигини 14,5 миллиард долларга баҳолаган.






