Германия Алишер Усмоновга тегишли 600 млн долларлик яхтани мусодара қилди
Яхта Гамбург кемасозлик заводида модернизация қилинаётганди.

Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик «Дилбар» мегаяхтасини тўсиб қўйди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Немис расмийлари 512 футлик «Дилбар» яхтасини Усмонов Россиянинг Украинадаги «ҳарбий амалиёти» муносабати билан Европа Иттифоқи санкцияларига учраганидан икки кун ўтиб тўсиб қўйган. Октябрь ойи охиридан бери Гамбургда яхта модернизация қилинмоқда. 2 март куни Blohm+Voss пудратчи корхонасининг ишчилари бу борада ишлаш учун чиқмаган.
Blohm+Voss ва Усмонов вакиллари изоҳ бериш сўровига жавоб бермади. Алишер Усмонов «Дилбар»ни 2016 йилда Lurssen кемасозлик компаниясидан 600 миллион долларга сотиб олганди. Компания яхтани буюртма асосида 52 ой давомида қурган ва уни «ҳам катталиги, ҳам технологияси жиҳатидан энг мураккаб яхталардан бири» деб атаган.
Қайд этилишича, 15 минг 917 тонна сув ўтказувчанлиги билан «Дилбар» дунёдаги энг катта моторли яхта ҳисобланади. Унинг экипажи 96 кишидан иборат. «Дилбар»да яхтада ўрнатилган энг катта бассейн, иккита вертолёт майдончаси, сауна, гўзаллик салони ва спорт зали мавжуд. Яхтадаги 12 та люкс палуба 24 кишини сиғдира олади.
Европа Иттифоқи 28 февраль куни Украина туфайли 26 нафар россияликка нисбатан янги шахсий санкциялар жорий қилди. Усмонов биринчи марта рўйхатга киритилди. Тадбиркор томонидан асос солинган «Металлоинвест» компанияси вакили Усмоновга нисбатан санкцияларни «асоссиз ва адолатсиз» деб атади. Forbes’нинг 2021 йилги рейтингига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 18,4 миллиард долларга баҳоланган.
Бундан ташқари, Усмонов Европа Иттифоқи санкциялари киритилгач, Халқаро қиличбозлик федерацияси (FEI) президенти сифатидаги фаолиятини тўхтатди. Қарор, унинг сўзларига кўра, «адолат тикланмагунча» амал қилади.
«2022 йил 28 февралда мен ЕИ томонидан киритилган санкциялар нишонига айландим. Мен бу қарорни инсофсиз деб ҳисоблайман ва санкциялар учун асос менинг шаъним, ҳалоллигим ва ишчанлик обрўйимга путур етказувчи сохта ҳамда ўринсиз айбловлардир», дейилади FEI сайтида эълон қилинган баёнотда.
Аввалроқ «Эвертон» клуби Алишер Усмоновнинг компаниялари билан шартномаларни тўхтатгани хабар қилинганди. Шунингдек, USM ҳолдинги Алишер Усмоновга нисбатан қўлланган санкцияларга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилди.






