Илон Маск Twitter даромадини беш баравар оширишга ваъда берди
Реклама 2028 йилда Twitter’га 12 миллиард доллар, обуналар эса деярли 10 миллиард доллар даромад келтиради
Илон Маск инвесторлар учун Twitter’ни 2028 йилгача ривожлантириш бўйича тақдимот тайёрлади, унда Маск компаниянинг йиллик даромадини беш бараварга, яъни 26,4 миллиард долларгача оширишга ваъда бермоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.
Таъкидланишича, Twitter’нинг рекламага қарамлиги камаяди: рекламадан тушган даромаднинг умумий улуши 90 фоиздан 45 фоизгача тушади.
«Реклама 2028 йилда Twitter’га 12 миллиард доллар, обуналар эса деярли 10 миллиард доллар даромад келтиради», деб ёзади нашр Илон Маскнинг инвесторлар учун тайёрлаган тақдимотига таяниб.
Ижтимоий тармоқ аудиторияси 2025 йилга бориб 600 миллион кишига, 2028 йилга келиб эса 931 миллион кишига ошади. Ҳозирда Twitter аудиторияси 217 миллион кишини ташкил этади.
Маскнинг ваъда қилишича, тўловлар бизнеси компанияга 2023 йилгача 15 миллион доллар ва 2028 йилга келиб 1,3 миллиард доллар даромад келтиради. ARPU (бир абонент учун ўртача даромадни билдирувчи кўрсаткич) 2021 йилдаги 24,83 доллардан 2028 йилда 30,22 долларгача, 5,39 долларга ошади.
Twitter Blue обуначилари сони 2025 йилга бориб 69 миллионга, 2028 йилгача эса 159 миллионга ошади. Twitter Blue ойлик обуна бўлиб, «содиқ фойдаланувчиларга премиум функциялар ва иловаларни мослаштиришга эксклюзив кириш» имконини беради.
Аввалроқ Илон Маск Twitter’ни сотиб олишга камроқ шахсий пул сарфлаш йўлини қидираётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, миллиардер Twitter’ни айрим фойдаланувчилар учун пуллик қилишни таклиф этди.
Шунингдек, Microsoft асосчиси Билл Гейтс Tesla бош директори Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан кейин, айниқса, ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқалишидан хавотир кучаяётган бир пайтда платформа қандай ўзгариши номаълумлигини айтди.
Шунингдек, Маск Twitter’ни сотиб олиш ишлари тугаганидан сўнг бир неча ой давомида компанияга вақтинчалик бош директор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.