NASA Жефф Безоснинг космик компанияси билан шартнома имзолади
NASA шартнома доирасида 415,6 миллион доллар ажратади
NASA Жефф Безоснинг Blue Origin ҳамда Nanoracks ва Northrop Grumman хусусий компаниялари билан Халқаро космик станция (ХКС) ўрнини босувчи космик станция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича шартномалар имзолади. Ушбу мақсадлар учун 415,6 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
«NASA уч Америка компанияси билан космик станциялар ва коинотдаги бошқа тижорат объектлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича шартномалар имзолади», дейилади NASA сайтида.
Маълум қилинишича, Nanoracks 160 миллион доллар, Blue Origin 130 миллион доллар, Northrop Grumman 125,6 миллион доллар олади.
Халқаро космик станциянинг ишлаши 2028 йилда тугайди. Россия ХКС модулининг эскирганлиги сабабли ўзининг орбитал станциясини ишлаб чиқмоқда. Биринчи модулни қуриш бўйича ишлар 2025 йилгача якунланиши керак.
Маълумот учун, NASA билан шартнома имзолаган Blue Origin америкалик миллиардер Жефф Безосга тегишли.
Аввалроқ Жефф Безос АҚШнинг 44-Президенти Барак Обама фондининг Глобал лидерлик дастурига 100 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида хабар берилганди.