Назарбоевнинг куёви, 2 нафар Ким ва Утемуратов: Қозоғистоннинг энг бой миллиардерлари рейтинги
Рейтинг Forbes нашри маълумотлари асосида тузилди.

Қозоғистон Марказий Осиёда энг тез ривожланиб бораётган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг ривожланиши билан параллел равишда унда бир қанча миллиардерлар ҳам етишиб чиққан. Бу галги мақолада Қозоғистоннинг Forbes рейтингига киритилган энг бой 4 нафар миллиардери ҳақида сўз боради.
1. Вячеслав Ким — 5,7 миллиард доллар (Forbes — 510-ўрин)
Вячеслав Константинович Ким 1969 йил Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида туғилган. Ким — иқтисодчи, молиячи, жамоат арбоби, Kaspi Bank ҳаммуассиси, акциядори ва директорлар кенгаши раиси. У, шунингдек, Қозоғистон Миллий таэквондо федерацияси президенти ҳам ҳисобланади.

Kaspi Bank Қозоғистоннинг чакана магистраль банкидир. Бош офиси Олмаота шаҳрида жойлашган.
Forbes миллиардернинг бойлигини 5,7 миллиард долларга баҳолаган.
2. Владимир Ким — 4,6 миллиард доллар (Forbes — 675-ўрин)
Владимир Сергеевич Ким 1960 йил 29 октябрда Қозоғистон ССР Мактаарал туманида туғилган қозоқ тадбиркори ҳисобланади. Владимир Ким рангли ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи KAZ Minerals гуруҳи президенти ва асосий акциядоридир. У, шунингдек, «Казахмыс Холдинг» президенти сифатида фаолият юритади.

У 2013 йилда KAZ Minerals бошқаруви раиси лавозимини тарк этган, бироқ компаниянинг бошқарув кенгашида ижрочи бўлмаган директор сифатида ишлайди.
Forbes миллиардернинг бойлигини 4,6 миллиард долларга баҳолаган.
3. Булат Утемуратов — 3,6 миллиард доллар (Forbes — 906-ўрин)
Булат Жамитович Утемуратов 1957 йил 13 ноябрда туғилган. У қозоқ тадбиркори, миллиардер, спорт функционери ва жамоат арбоби ҳисобланади. Шунингдек, у Қозоғистон теннис федерацияси президенти, Халқаро теннис федерацияси вице-президенти ва ITF кенгаши аъзосидир.

Булат Утемуратов Қозоғистондаги энг йирик тадбиркорлардан бири. Унинг биринчи йирик лойиҳаси «АТФ Банк»ни ривожлантириш ва уни Италиянинг UniCredit гуруҳига муваффақиятли сотиш бўлган. 2007 йилда UniCredit банки Қозоғистон «АТФ банк»ининг 92 фоизини 2,1 миллиард долларга сотиб олгач, Булат Утемуратов тахминан 785 миллион доллар олган.
2009 йил инқирозидан кейин у қуйидаги банкларга асос солди: «Касса Нова» — Қозоғистондаги биринчи микрокредит банки ва «ФортеБанк».
Forbes миллиардернинг бойлигини 3,6 миллиард долларга баҳолаган.
4. Тимур Кулибаев — 3,2 миллиард доллар (Forbes — 1033-ўрин)
Тимур Асқарович Кулибаев 1966 йил 10 сентябрда Олмаотада туғилган қозоқ тадбиркори ва жамоат арбоби ҳисобланади. У Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Динара Назарбоеванинг турмуш ўртоғи ҳисобланади.

«Атамекен» Қозоғистон Миллий тадбиркорлар палатаси Президиуми раиси, Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ҳамда Kazenergy нефть-газ ва энергетика комплекси ташкилотлари уюшмаси раисидир.
Тимур Кулибаев 1992 йилда молиявий ва инвестиция фаолияти билан шуғулланиш учун «Олтин Олма» компаниясини яратди; кейинчалик у Almex LLP’га айланди. Мобил алоқа хизматига қилинган сармоя 2004 йилда ўз самарасини берди, ўшанда у назорат қилган компания Қозоғистонда фаолият юритувчи Kar-Tel’ни VimpleCom’га 350 миллион долларга сотган.

Кулибаев ва унинг рафиқаси Динара Қозоғистон «Халқ банки» акцияларининг асосий қисмига эга. Бу уларнинг энг қимматли холдингидир. Forbes Кулибаевнинг барча активларининг 50/50 қисмини Динарага тегишли деб ҳисоблайди ва бу уларга тенг соф қиймат беради. Шу сабабдан Динарани 5-ўринга жойлаштириш мумкин.
Нашр миллиардернинг бойлигини 3,2 миллиард долларга баҳолаган.






