Ўзбекистонда янги тўлов тизими ташкил этилади
Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ишга жойлашиш бўйича харажатларини қоплаш мақсадида кредитлар ажратиш лойиҳаси ишлаб чиқилади.

«Трансчегаравий пул ўтказмаларини таъминлаш бўйича тўлов тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Қарорга мувофиқ, хориждан Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга ошириш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) негизида «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ташкил этилади.
Қайд этилишича, мазкур тўлов тизими бир қатор аппарат ва дастурий-техник воситаларни ўзида мужассам қилган тизимли платформа бўлиб, унинг иштирокчилари (кредит ташкилотлари) учун вакиллик ҳисобварақлари орқали трансчегаравий ўтказмалар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади.
«Азия-Инвест Банк» АЖ (Москва шаҳри) ушбу тўлов тизими орқали амалга оширилган трансчегаравий ўтказмалар бўйича Россия Федерациясидаги ҳисоб-китоб банкларидан бири ҳисобланади.
Қарорга кўра, Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ишга жойлашиш бўйича харажатларини қоплаш мақсадида кредитлар ажратиш лойиҳаси ишлаб чиқилади.






