Ўзбекистоннинг давлат қарзи қанчага етгани очиқланди
Давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,0 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 26,3 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 26,3 миллиард доллар қарздан давлат ташқи қарзи — 23,6 миллиард доллар, давлат ички қарзи — 2,7 миллиард доллар. Ушбу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38,0 фоизни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон республикасининг давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.

Тахкидланишича, давлат қарзини мақроиқтисодий барқарор даражада сақлаш ва уни самарали бошқариш юзасидан амалга оширилаётган чоралар ҳамда миллий иқтисодиётнинг юқори суръатлари билан ўсишининг таъминланиши натижасида 2021 йил давомида давлат қарзининг ЯИМга нисбати барқарорлашиши кузатилган.
«Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39,0 фоиздан (I чорак якунида — 38,6 фоиз, II чоракда — 38,5 фоиз, III чоракда — 38,4 фоиз) 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 38,0 фоизгача пасайди», дейилади шарҳда.
Давлат қарзи 2021 йил давомида 2,9 миллиард долларга ошган бўлса-да, АҚШ доллари ҳисобида ялпи ички маҳсулот тез сурьатларда, яъни 9,4 миллиард долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган.






