Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага етгани очиқланди
Ўзбекистон резидентларининг ташқи активлари ва мажбуриятлари ўртасидаги соф фарқ 2021 йил бошига нисбатан 17 фоизга қисқарди.
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 39,6 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2022 йил бошига нисбатан 16 фоизга ёки 5,4 млрд. долларга ошиб, 2022 йил 1 январь ҳолатига 39,6 миллиард долларни (2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 34,2 миллиард доллар) ташкил қилди.
Хусусан, 2021 йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 11 фоизга ёки 2,4 миллиард долларга ўсиб 23,7 миллиард долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 24 фоизга ёки 3 миллиард долларга ўсиб 15,8 млрд. долларни ташкил этди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига мамлакат ва мамлакат резидентларининг (юридик ва жисмоний шахсларнинг) чет эл валютасидаги активлари 70,4 миллиард долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 53,6 миллиард долларни ташкил этди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон резидентларининг ташқи активлари ва мажбуриятлари ўртасидаги соф фарқ 2021 йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,5 миллиард долларга қисқариб, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 16,8 миллиард долларни ташкил этди.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи қанчага етгани ҳақида хабар берилганди.