SpaceX NASA’нинг 4 нафар астронавтини Халқаро космик станцияга юборди
Бу уч экипаж аъзоси — Чари, Баррон ва Маурер учун биринчи космик парвоздир

Илон Маскнинг SpaceX компанияси тўрт нафар астронавтдан иборат экипажни Халқаро космик станция (ХКС)га учирди. Бу ҳақдақ CNBC хабар берди.
Маълум қилинишича, Falcon 9 ракетаси астронавтларни Dragon капсуласида ХКСга олиб боради. Улар ХКСда 6 ой бўлиб қайтади. Миссияда уч америкалик ва бир германиялик: NASA астронавтлари Ража Чари, Том Маршберн ва Кайла Баррон, шунингдек, Европа космик агентлиги астронавти Маттиас Маурер иштирок этади. Бу уч экипаж аъзоси — Чари, Баррон ва Маурер учун биринчи космик парвоздир.

Парвоз 10 ноябрь куни кечқурун Флорида космодромидан амалга оширилди. Бу SpaceX томонидан амалга оширилаётган NASA миссиясининг учинчи парвозидир. Маск компанияси ўзининг Crew Dragon космик кемасини ишлаб чиқди ва Falcon 9 ракетасини NASA тижорий экипаж дастури доирасида ўзгартирди. Бу умумий қиймати 3,1 миллиард доллар бўлган 6 та миссияни ўз ичига олади.
Бу космонавтлар томонидан «Чидамлилик» деб номланган Dragon экипаж капсуласи (Falcon 9 ракетаси тепасида жойлашган) ёрдамида амалга оширилган биринчи парвоздир. SpaceX орбитага олиб чиққан астронавтлар сони ҳозирда 18 нафарга етди.
Аввалроқ NASA Ойга астронавт қўндиришни 2025 йилга қолдиргани ҳақида хабар берилганди.






