Apple Исроил компаниясини хакерлик қилгани учун судга берди
NSO Group ҳукумат томонидан ҳомийлик қилинадиган мураккаб кузатув технологиясини яратгани таъкидланган

Apple Исроилнинг NSO Group компаниясига қарши судга мурожаат қилиб, уни турли давлатлар расмийлари томонидан кузатув учун буюртма қилинган дастурий таъминотни ишлаб чиқишда айблаб, жавобгарликка тортишни талаб қилди.
«NSO Group ҳукумат томонидан ҳомийлик қилинадиган мураккаб кузатув технологиясини яратди. Тадқиқотчилар ва журналистлар ушбу жосуслик дастурининг журналистлар, фаоллар, диссидентлар, академиклар ҳамда ҳукумат амалдорларига ҳужум қилишда фойдаланилганини очиқ ҳужжатлаштирди», дейилади компания хабарида.
Apple NSO Group дастурига iPhone эгаларининг микрофони, камераси ва шахсий маълумотларига кириш имконини берувчи камчиликларни бартараф этганини ва энди компаниядан Apple маҳсулотлари ва хизматларидан фойдаланишни доимий равишда тақиқлашни талаб қилишини таъкидлади.
«Даъво, шунингдек, NSO Group компаниясининг Apple ва унинг фойдаланувчиларига ҳужумларида федерал ва штат қонунларини қўпол равишда бузгани учун товон ундиришни талаб қилади», дейилади баёнотда.
NSO Group дастурий таъминоти одамларга жосуслик қилишда қўллангани Франциянинг «Тақиқланган ҳикоялар» нодавлат ташкилоти Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва 17 журналистик ташкилот билан ҳамкорликда ўтказган текширувидан маълум бўлди.
Қайд этилишича, 10 дан ортиқ давлат расмийлари компания томонидан ишлаб чиқилган Pegasus дастуридан бутун дунё бўйлаб журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, тадбиркорлар ва амалдорларнинг телефонларини бузиш учун фойдаланган.
Аввалроқ Apple руль ва педалларсиз электромобиль ишлаб чиқариши ҳақида хабар берилганди.






