Асли бухоролик миллиардер Искандар Маҳмудов Россиянинг энг катта олтин қазиб олувчиларидан бирини сотиб олади
УКМК «Высочайший»ни сотиб олиш учун ариза берган

Асли ўзбекистонлик миллиардер Искандар Маҳмудов Россиянинг энг катта олтин қазиб олувчиларидан бири «Высочайший» (GV Gold)ни сотиб олади. Бу ҳақда Россия Монополияга қарши федерал кураш хизматининг веб-сайтида маълумот берилган.
Қайд этилишича, миллиардерлар Искандар Маҳмудов, Андрей Бокарев ва Андрей Козицин бошқарувидаги Урал кон-металлургия компанияси Россиядаги энг йирик олтин қазиб олувчилардан бири «Высочайший»ни сотиб олиш учун ариза берган.
«Интерфакс»нинг ёзишича, GV Gold’ни сотиб олиш имкониятини Хитойнинг Fosun компанияси, миллиардер Роман Троценко ва қозоғистонлик тадбиркор Кенес Ракишев тузилмалари кўриб чиқАгентлик манбасига кўра, ПИК компаниясининг собиқ топ-менежери Владислав Свиблов ҳам олтин қазиб олувчини сотиб олиш ҳақида ўйлаб кўрган.
«Высочайший»нинг ҳаммуассиси Сергей Докучаев аввалроқ сўнгги 25-30 йил ичида компанияни сотиш бўйича ҳар йили таклиф олганини айтди.
«Мен уларга жавоб бердим: Агар бизга рад эта олмайдиган нархни таклиф қилсангиз, сотамиз. Аммо 25 йил давомида ҳеч ким бизга бундай нархни таклиф қила олмади», — деганди Докучаев.
Таъкидланишича, 1997 йилдан бери фаолият юритаётган GV Gold россиялик олтин қазиб олувчиларнинг Forbes’даги рейтингида еттинчи ўринни эгаллайди. 2020 йили компаниянинг соф фойдаси 90 фоизга ўсган ва 137 миллион долларни ташкил қилган.
Миллиардерлар Искандар Маҳмудов, Андрей Бокарев ва Андрей Козицинлар назорати остидаги УММК мис ва никель каби бошқа металлар ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган лойдан олтин ишлаб чиқаради. Компания олтин қазиб олишнинг аниқ ҳажмларини ошкор этмайди. УММК Россия олтинини ишлаб чиқаришдаги улушини 4 фоиз, кумушни эса 12 фоизга баҳолаган.
Маълумот учун, Искандар Маҳмудов 1963 йил Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида туғилган. Асли ўзбек бўлган россиялик тадбиркор Урал кон-металлургия компанияси асосчиси ва президенти ҳисобланади. Forbes журнали томонидан 2021 йил апрель ойида чоп этилган Россиядаги энг бадавлат тадбиркорлар рейтингида Искандар Маҳмудов 9,7 миллиард доллар бойлиги билан 19-ўринни эгаллаган.
Аввалроқ ўлимидан кейин ҳам миллионлаб доллар топишда давом этаётган машҳурлар рейтинги эълон қилинганди.






