Банкоматлардаги етишмовчилик: сўмда нақд пулга бўлган талаб кескин ортди
Вилоят ва туманларда нақд пул етишмовчилиги, банкоматларда пул тугаб қолаётгани айтилмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Telegram’даги каналида «айниқса вилоят ва туманларда» нақд пул етишмовчилиги, банкоматларда пул тугаб қолаётгани тўғрисидаги масалалар кўп муҳокама бўлаётгани ҳақида ёзди. Шундан сўнг Марказий банк банкоматлардаги нақд пул етишмаётгани билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди.
Отабек Бакиров кундалик кузатувлар воситасида банкоматларда нақд пул етишмовчилиги бўйича қатор сабабларни келтирди:
«Энг аввало, бу ҳақда ўтган сафар ҳам ёзганмиз, мавсумий иқтисодий фаоллик ошиб бормоқда, фаоллик ошиши доим ликвидликка ва нақдликка юқори даражада талаб ҳосил қилади. Таклиф эса ўсиб бораётган талаб ортидан улгурмаяпти.
Иккинчи омил, март ойига нисбатан апрелда ва майнинг дастлабки ўн кунлигида пул ўтказмалари миқдорининг кескин ошаётгани билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўтказма қабул қилувчилар маблағларни доллар ё рублда эмас, сўмда олишни маъқул деб ҳисобламоқда. Чунки мана 40 кундан ошдики, сўмнинг курсда ва маржинал афзаллиги юқори бўлиб турибди.
Учинчидан, банкларда нақд пул чиқими ортаётганига қарамай нақд пул киримида ўсиш кузатилаётгани йўқ, балки вазият кирим доим бир муддат отда қолиши билан, балки норасмий иқтисодиёт кенгайиб бораётгани билан боғлиқдир. Нима бўлганда ҳам, сифатлироқ хулоса қилишга ҳали яна вақт керак.
Тўртинчидан, бу сабаб доим бўлиб келган — банкларнинг, айниқса давлат банкларининг банкоматларни нақдлик билан тўлдиришда, тақсимот ва тармоқ бошқарувида техник ва логистик жиҳатдан ортда қолаётганига бориб тақалади. Нақдликка талаб бирмунча ортиши билан бу муаммо юзага чиқиб қолмоқда (байрамлар, дам олиш кунлари, ҳайитлар арафасида айниқса).
Демак, айрим ҳудудларда банкоматлар тармоғи нақдлик билан кунига эмас, кунига бир неча марта тўлдирилиши зарур. Албатта бунда тарифларнинг эркин бўлиши банкларга юқорироқ стимул ролини тақдим этган бўларди», — деб ёзади иқтисодчи.
Марказий банкнинг қайд этишича, 2022 йилнинг март ойи иккинчи ярмидан бошланган миллий валюта — сўмда нақд пулга бўлган талабнинг кескин ортиши натижасида Марказий банк томонидан муомалага март ойида 1 триллион 119 миллиард сўм, апрель ойида 6 триллион 343 миллиард сўм, май ойининг ўтган 11 кунида 1 триллион 100 миллиард сўм қўшимча нақд пуллар чиқарилган.
Жумладан, март-апрель ойларида қўшимча чиқарилган нақд пулларнинг 8 триллион сўми аҳолининг нақд чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган кескин ошган талабини (ушбу 2 ойлик талаб одатдаги 11,1 триллион сўмдан 19,3 триллион сўмга етган), 4-4,5 триллион сўми банк карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга бўлган қўшимча талабни (17 триллион сўмдан 22 триллион сўмга етган) қондиришга йўналтирилган.
Мавсумий иқтисодий фаолликнинг ортиши сабабли 2021 йилнинг март-май ойларида Марказий банк томонидан муомалага қўшимча равишда 2,5 триллион сўм нақд пул чиқарилган бўлса, 2022 йилнинг март-апрель ойларининг ўзида (май ойини ҳисобга олмаганда) бу кўрсаткич 3 бараварга ошган.
«Марказий банк томонидан жойлардаги банклар филиаллари ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда ва аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва заҳиралари мавжуд.
Юзага келаётган қисқа муддатли узилишлар нақд пулларни жойларга етказиб бериш, яъни логистикаси ва банкоматларга жойлаштириш билан боғлиқ эканлигини ҳамда мазкур масала Марказий банк томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз», дейилади регулятор хабарида.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолининг товарларни харид қилишларида ва хизмат кўрсатишда банк карталари орқали ҳисоб-китобларда тўлов терминалларидан тўлақонли ва узлуксиз фойдаланишлари ушбу муаммолар ечилишига кўмак бериши қўшимча қилинган.