«Белдирсой оромгоҳи»даги давлат активини сотишнинг иккинчи босқичи натижалари эълон қилинди
Савдо жараёнида 4 нафар талабгорнинг тижорат таклифлари пакети ошкора очилган

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан оммавий савдоларга чиқарилган давлат активи бўйича савдо жараёнларининг иккинчи босқичи натижалари юзасидан ахборот берилди.
Маълум қилинишича, Давлат активларини бошқариш агентлигида оммавий савдоларга чиқарилган Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган «Белдерсой оромгоҳи» дам олиш маскани ва «Белдирсой оромгоҳи» спорт базаси (канат йўли)ни сотиб олиш бўйича савдо жараёнларининг иккинчи босқичига ўтган жами 4 нафар талабгорнинг ёпиқ конвертда тақдим этган тижорат таклифлари пакети ошкора очилган.
Қайд этилишича, жараёнда Давлат тендер комиссияси аъзолари ва талабгорлар шахсан ва пандемия шароитидан келиб чиқиб, видеоконференц алоқа воситаси орқали иштирок этган. Давлат тендер комиссияси томонидан талабгорларнинг давлат активини сотиб олиш бўйича тижорат таклифлари кўриб чиқилиб, 2 нафар талабгор билан нарх таклифини янада яхшилаш ва тўлов муддатларини қисқартириш бўйича музокаралар ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинган.
Шунингдек, савдо жараёни тартибига мувофиқ, агентлик томонидан савдо иштирокчиларига индивидуал хабарнома юборилган.
Аввалроқ «Тошкент» ва Нyatt Regency меҳмонхоналарини хусусийлаштиришга консультант танлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентдаги Қўйлиқ, Олой, Ўрикзор ва яна бир қанча бозорлар сотилиши хабар қилинди.






