«Бу пул одамларни Марсга жўнатиш учун». Маск миллиардерларга солиқ жорий этиш ғоясини танқид қилди
АҚШда демократ сенаторлар миллиардерларга солиқ солишни таклиф қилганди

Дунёнинг энг бой одами Илон Маск (Forbes Real-Time маълумотларига кўра, бойлиги 274,4 миллиард долларга баҳоланган) АҚШда демократ сенаторлар томонидан таклиф қилинган миллиардерларга солиқ солиш ғоясини танқид қилди. Бу ҳақда «Forbes.ru» хабар бермоқда.
Маскнинг таъкидлашича, миллиардерлардан олиниши режалаштирган пуллар ўз мақсадларини амалга ошириш учун зарур.
«Менинг режам — бу пулни инсониятни Марсга олиб чиқиш ва онг нурини сақлаш учун ишлатиш», деб ёзди SpaceX асосчиси Twitter саҳифасида.

Шу йўсинда, у The Washington Post мухбири Кристиан Девенпортнинг демократлар 5 йил ичида тўланишини режалаштираётган солиқларни Маск (50 миллион доллар) ва Amazon асосчиси Жефф Безос (44 миллион доллар) Марсга парвоз учун тўлаши мумкинлиги ҳақидаги твитига жавоб берди.
Маск яна бир твитида таклиф қилинган миллиардерларнинг даромад солиғи кейинчалик ўрта синфга ҳам қўлланилиши мумкинлигини таъкидлади.
Tesla асосчиси ва раҳбарининг сўзларига кўра, асосий муаммо давлат харажатларининг кўплигидир. Унинг таъкидлашича, миллиардерлардан олинган пуллар давлат қарзи ҳисобидан бюджетдаги кичик бўшлиқнигина ёпа олади.
«Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу солиқ 3,5 триллион долларлик харажатларнинг атиги 10 фоизини қоплайди. Қолган 90 фоизи қаердан келади? Жавоб сиздан», — дея огоҳлантирди Маск.

Маълумот учун, АҚШда демократ сенаторлар акциялар ва облигациялар каби активлар сотилган ёки сотилмаганидан қатъи назар, уларнинг қийматидан тушган даромаддан 23,8 фоиз солиқ ундиришни таклиф қилди. Миллиардерлар солиғи 2022 йилда кучга кириши мумкин ва сўнгги 3 йил ичида активлари 1 миллиард доллардан ортиқ ёки йиллик даромади 100 миллион доллардан ортиқ бўлган 700 га яқин солиқ тўловчига таъсир қилади.
Bloomberg’нинг ёзишича, солиқ режаси АҚШ президенти Жо Байден томонидан ваъда қилинган ва унинг миқдори 2 триллион долларга яқинлашиши мумкин бўлган ижтимоий харажатларни қоплаш усулларидан бири ҳисобланади.
Аввалроқ Tesla компаниясининг нархи 1 триллион доллардан ошгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Илон Маскнинг бойлиги 250 млрд доллардан ошгани маълум бўлди.






