Фарғонада йил бошидан бери деярли 7 млрд сўмлик электр энергияси ўғирланди
Аҳоли томонидан 1268 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Фарғона вилоятида 23 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, айрим истеъмолчилар томонидан электр энергиясига ноқонуний уланиб олиш ва фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Жумладан, 2021 йил бошидан Фарғона вилояти бўйича аҳоли истеъмолчилари томонидан 1268 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, ушбу ноқонуний ҳолатлар юзасидан умумий 921,3 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилган.

Бундан ташқари, улгуржи истеъмолчилар томонидан 772 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, умумий ҳисобда 5 миллиард 850 миллион сўмга қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилган. Шунингдек, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» корхонаси томонидан жойларда мунтазам электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Қайд этилишича, ўтказилаётган тадбирлар давомида жойларда аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, вақтинча электр тармоғидан ажратилмоқда.
Аввалроқ Шерзод Қудбиев «обнал» ҳажми бўйича Фарғона иккинчи ўриндалигини айтгани хабар қилинганди. Ўзбекистонда 3 миллиард долларлик 10 та қайта тикланувчи электр станцияси қурилиши ҳақида хабар берилди.






