
Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигига янги раҳбар тайинланди
Шоҳруҳ Раҳимов бунгача вазирликнинг турли таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва тармоқ бирлашмаларида ишлаган.

Шоҳруҳ Раҳимов Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги директори этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kommers.uz‘га хабар берди.
Шоҳруҳ Раҳимов ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг турли таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва тармоқ бирлашмаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.
Агентликнинг асосий функция ва вазифалари давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарзлар орқали амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш, инвестициявий таклифларни лойиҳаолди баҳолаш, лойиҳа ташаббускорларига техник топшириқ ва зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашишдан иборат.
Шунингдек, агентлик лойиҳаларнинг бажарилишини самарали бошқариш ва мониторинг қилиш тизимини жорий этиш, тендерлар шаффофлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларга масъул ҳисобланади.




