Хориж транспортларининг Ўзбекистонга киргани ва транзити учун 2022 йилги божхона йиғими белгиланди
Бир қатор давлатлар учун божхона йиғимларига имтиёзлар жорий этилган.

Хорижий автотранспортларнинг Ўзбекистон ҳудудига киргани ва у орқали транзити учун 2022 йилги божхона йиғимларининг ставкалари белгиланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга биноан 2022 йил учун хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг республика ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари тасдиқланган.
Унга биноан хорижий давлатлар юк автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғим битта автотранспорт (автопоезд) учун 400 долларни ташкил қилади.
Қайд этилишича, қуйидаги давлатлар учун имтиёзли ставкалар белгиланган:
- Қозоғистон учун — 300 доллар;
- Қирғизистон учун — 300 доллар;
- Афғонистон учун — 50 доллар;
- Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун — 150 доллар.
Шунингдек, божхона йиғими ставкаси юк автотранспорт воситасининг юк кўтариш қувватига қараб Тожикистон ва Озарбайжон учун 100–200 долларни ҳамда Туркманистон учун 50–150 долларни ташкил қилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда божхона тўловининг дастлабки қарорини олиш тадбиркорлар учун ихтиёрий бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш тартиби белгилангани ҳақида хабар берилди.






