Инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда — Марказий банк
Марказий банк Ўзбекистонда инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганини маълум қилди. Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар май ойида кузатилган юқори даражасига нисбатан пасайишига қарамасдан, ҳамон 14-15 фоизни ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда келгуси ойларда инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банк пресс-релизида маълум қилинди.
Қайд этилишича, келгуси ойларда иқтисодий фаолликнинг янада ортиши ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида мавсумий пул тушумларининг кўпайиши ҳисобига ялпи талабнинг ўсиши, энергия таъминоти ва ички бозорда айрим маҳсулотлар таклифи билан боғлиқ инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда.
Июль-август ойларида нархларнинг йиллик ўсиш суръатларини мўътадиллашиши кузатилиб, 2021 йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан баланд шаклланди.
Шунингдек, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар май ойида кузатилган юқори даражасига нисбатан пасайишига қармасдан, ҳамон 14-15 фоизни ташкил этмоқда.
Регулятор юқоридагиларни инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилган.
«Бу, ўз навбатида, миллий валютадаги активлар жозибадорлигини сақлаб қолиб, жамғариш ва кредит каналлари орқали монетар омиллар таъсирини юмшатишга хизмат қилади», дейилади хабарда.