Иқтисодиёт вазири ўринбосари Европа Иттифоқи вакиллари билан «яшил» иқтисодиётга ўтишни муҳокама қилди
Муҳокама дирасида 2030 йилгача «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси кўриб чиқилди

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида 2 ноябрь куни вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва Европа Иттифоқи вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда Яқин Шарқ-Форс кўрфази ва Марказий Осиё бўйича раҳбар, Европа Комиссиясининг халқаро ҳамкорлик бўйича бош директори Сара Риналди бошчилигидаги учрашувда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотт Адриан ҳам қатнашган.

Шунингдек, учрашувда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Франсуа Бежо, Яқин Шарқ-Форс кўрфази ва Марказий Осиё бўйича ҳамкорлик ва халқаро қўллаб-қувватлаш бўлими ходими, Европа Комиссиясининг Савдо бўйича бош директори Титиен Амати ва вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этган.
Қайд этилишича, кун тартибида Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида «яшил» тараққиёт, иқтисодиёт ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Ўзбекистон томони Европа Иттифоқи вакилларини жорий ислоҳотлар ва «яшил»га ўтиш соҳасидаги амалга оширилган ишлар билан таништирган. Шунингдек, амалга оширилаётган 2030 йилгача «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси ҳам муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи вакилларига рақамли трансформация дастурлари ҳақида маълумот берилган. Хусусан, БМТТД билан ҳамкорликда «Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси ҳақида сўз борган.
Учрашувда яшил иқтисодиётга ўтиш, барқарор ривожланиш, камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг мумкин бўлган соҳалари ҳам муҳокама қилинган. Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олган.
Аввалроқ Марказий банк ва МДҲ Молия-банк кенгаши раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Қишлоқ қурилиш банк» делегацияси БАА банки вакиллари билан учрашгвни хабар қилинган.






