Камчилик ва таклифлар: Ўзбекистонда банк хизматларига оид муаммоларни қандай ечиш мумкин?
ПМТИ мутахассислари соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун бир нечта таклифларни ишлаб чиқди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари банк хизматларини таҳлил қилиб, мавжуд муаммолар бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Институт матбуот хизмати бу ҳақда Kommers.uz’га хабар берди.
Молиявий хизматларда банк хизматларининг улуши 90 фоиздан юқори бўлиб, қолган қисмини суғурта, кредит, лизинг, микрокредит, микролизинг, фонд бозори, қимматли қоғозлар бўйича хизматлар ва бошқа турдаги молиявий хизматлар ташкил этади.
Ҳозирги кунда 33 та банк, жумладан давлат улуши мавжуд бўлган 12 та банк истеъмолчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Муаммолар
Таҳлил давомида айрим муаммо ва камчиликлар борлиги аниқланган. Булар қуйидагилар:
- банк соҳасида давлат улушининг юқорилиги (банк активларининг 80 фоиз давлат улуши мавжуд банкларга тегишли);
- инфратузилмаларнинг етарли даражада ривожланмагани сабабли тўлов карталаридан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани ва банкоматлар сонининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларидаги ўртача кўрсаткичдан пастлиги (ҳар 100 000 кишига 48 та банкомат);
- кредитлашлашда жисмоний шахсларни қамраб олиш даражасининг пастлиги (кредитларнинг фақат 19 фоизи жисмоний шахсларнинг улушига тўғри келади, дунё мамлакатларида эса ўртача 40 фоиз).
Муаммо ва камчиликлар мавжуд экан, демак уларни ҳал этиш галдаги муҳим вазифалардан биридир.
Таклифлар
ПМТИ мутахассислари соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун бир нечта таклифларни ишлаб чиқди.
Булар:
- рақамли банк ва финтеч компаниялари киришига янада кўпроқ имконият яратиш;
- банкларда хизмат кўрсатиш шоҳобчаларини кенгайтириш ва банк хизматлари кўрсатишнинг муқобил усулларини жорий этиш билан истеъмолчиларга қулайлик яратиш;
- банк хизмати транзакция вақти ва нархини камайтириш ҳамда мижозлар учун фирибгарлик хавфини камайтириш.
ПМТИ экспертларининг фикрига кўра, рақамли банк ва финтеч компаниялари сонини ошириш, онлайн банкинг хизматларини такомиллаштириш йўллари билан молиявий хизматлар соҳасини янада ривожлантиришга эришиш мумкин. Натижада қўшимча иш ўринларини яратиш, бандликни ошириш, мамлакат иқтисодиётини ривожналтириш билан бирга камбағалликни қисқартириш имконияти яратилади.