Карьера. Тажрибасиз бўла туриб, янги соҳада иш топиш учун 5 маслаҳат
Соҳани ўзгартириш даромад даражасига ҳам таъсир қилмай қолмайди.

Касбий тажрибага эришиш учун иш керак, аммо ишга кириш учун тажриба керак. Бу кўплаб иш изловчилар ўз карьерасини бошлаш ёки касбий йўналишини ўзгартиришни режалаштираётганда дуч келадиган классик дилемма. Қуйида тажрибага эга бўлмаганда иш топиш учун ёрдам берадиган бешта маслаҳат ҳақида сўз боради.
1. Ортга қадам ташлашга тайёрланинг
Киши касбий йўналиши, соҳасини ўзгартираётганда барчасини бошидан ёки пастроқ позициядан бошлаши кераклигини тан олиш керак. Бу, албатта, дискомфорт келтириб чиқаради. Ўз соҳасида «балиқдек сузишга» ўрганиб қолган ходим касбий йўналишини ўзгартиргач, ноқулайликлар ҳис қилиши табиий.
Бундан ташқари, соҳани ўзгартириш даромад даражасига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Аммо умидсизликка тушиш ярамайди. Кўпроқ ҳаракат қилиб, мавқе ва даромадни ҳам тиклаб олиш мумкин. Муҳими охир-оқибат киши ўзини бахтли ҳис қиладиган соҳада ишлай бошлайди. Бундай натижа эса қисқа муддатли қурбонлик талаб қилади.
2. Янги кўникмаларни ривожлантириш
Агар янги соҳада иш бошлаш учун тажриба бўлмаса, резюмени яхшилашнинг бошқа бир усули бор. Бу — янги соҳада керак бўладиган кўникмаларни шакллантириш: ишдан кейин ўқув марказларининг кечки машғулот ва тренингларида иштирок этиш ёки таълим платформаларида онлайн курсларга қатнашиш мумкин.
Шунингдек, янги соҳада фрилансерлик қилиб маҳоратни ошириш ҳам мумкин. Эркин иш режими иш ташламасдан, доимий даромаддан воз кечмасдан янги соҳада маълум бир тажрибага эга бўлиш имконини беради.
3. Кўнгилли бўлиш
Кўнгилли бўлиш даромад келтирмаса-да, керакли тажриба ва мавжуд кўникмаларни синовдан ўтказиш имконидир. Бундан ташқари, компаниянинг ярим кунлик ходимидан кўра кўнгилли бўлиш осонроқ. Чунки кўнгиллининг бўйнида аниқ бир мажбурият бўлмайди. Бу эса кўнгилли ходимга янги соҳада босимсиз, эркинроқ тажриба орттириш имконини беради.
4. Резюмени янги соҳага мослаштириш
Резюме тайёрлашда янги соҳа учун керакли бўлган билим ва кўникмаларга эътибор қаратган маъқул. Эски соҳада юқори баҳоланган кўникмалар янги жой учун мутлақо кераксиз бўлса, уларга резюмеда жой йўқ.
Шунингдек, резюмени «безаш» ва «бўяш» ҳам ярамайди. У иложи борича қисқа ва лўнда бўлгани маъқул.
5. Қатъиятли бўлиш
Эҳтимол, киши соҳасини ўзгартирганда одатдагидан кўпроқ қийинчилик ва рад жавобларига дуч келади. Бу эса кишини асабийлаштириши мумкин, лекин шуни ёдда тутиш керакки, рад жавоблари шунчаки тажриба етишмаслиги билан боғлиқ бўлади.
Таслим бўлиш, тўхтаб қолиш кетмайди. Ўзингиз ёқтирган соҳангизда иш топишнинг ягона йўли мақсад сари интилишдан иборат.
Сабр қилиш ва сиз шунчаки йўлнинг бошида эканингизни эсдан чиқармаслик керак. Қолганларга етиб олиш учун кўп куч сарфлашга тўғри келади. Ташаббускор бўлиш, ишга ёлловчилар билан муносабатларни ўрнатиш ва имкон қадар тез-тез бўш иш ўринларига мурожаат қилиш керак.
Маълум кўникма ва тажрибага эга бўлиш вақт талаб қилади. Бу — табиий. Натижада сиз интервьюга келасиз ва суҳбатда иш берувчиларни ҳайратда қолдирасиз.






