Кореянинг ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун квота ва шартномалари кескин камайди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан имзоланган англашув меморандумларига мувофиқ, Корея томонидан тақдим этилаётган квоталар ҳамда шартномалар сони сўнгги йилларда кескин камайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, агентлик ҳамда агентликнинг Кореядаги ваколатхонаси ушбу масалага ечим топиш мақсадида Квангжу, Чангвон, Кимхе, Пусан каби йирик шаҳарлари, Бандлик ва меҳнат вазирлиги, HRD ташкилотининг ҳудудий бошқармалари, Чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш марказлари, иш берувчилар ва соҳага оид мутахассислар билан учрашув ҳамда музокаралар олиб борган.
«Кореяда Республикасида ноқонуний ишлаётган фуқаролар келгусида Кореяда меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган фуқароларнинг кетишларига тўсиқ бўлмоқда», дейилади изоҳда.
Маълум бўлишича, бунга коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият, меҳнат мигрантларининг карантин қоидалари ва мамлакат қонунларига риоя қилиши кабилар билан бирга, иш жойини ташлаб кетиш, меҳнат шартномаси, виза муддати тугагач ноқонуний қолиб кетиш, иш берувчи билан келиша олмаслик ва низоли ҳолатларнинг тез-тез вужудга келиши, одоб-ахлоқ, муомала маданияти ва санитария-гигиена масалаларига аҳамият бермаслик ва бошқа шу каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ Миграция агентлиги Жанубий Кореяда ишлашни режалаштираётганларга мурожаат билан чиққанди.






