Makro улушдорига сотилган «Савдогарбанк» кузатув кенгашидан «шакарчилар» чиқарилди
Рауф Комилжонов «DARVOZA SAVDO» МЧЖ (Makro чакана савдо дўконлари тармоғи)нинг 18,40 фоиз улушига эгалик қилади.

«Савдогарбанк» 27 декабрь куни ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида банк кузатув кенгаши янги таркибда сайланди. Аввалги таркибда фаолият юритан 7 нафар аъзо янги таркибга киритилмади, деб хабар бермоқда Kommers.uz мухбири.
Корпоратив маълумотлар очиқ порталига жойланган маълумотга кўра, қуйидагилар банк кузатув кенгаши таркибидан чиқарилган:
- Анатолий Хан — «Saxovat-sport-servic» МЧЖ бош директори;
- Рустам Акбархўжаев — «Ангрен шакар» МЧЖ бош директори;
- Шерзод Бакаев — «Эзгу ният кўп тармоқли тиббиёт маркази» МЧЖ молиявий ишлар бўйича директор ўринбосари;
- Зокир Ибодов — «Ardus» қўшма корхонаси бошқарув раиси ўринбосари;
- Эгамберган Ўрозбоев — «ILK PLYUS» инвесторлар уюшмаси директори;
- Тоҳир Алимов — «TODO-PLAST» МЧЖ тижорат ишлари буйича директор ўринбосари;
- Дониёр Илҳомжонов — «ALTA PROFIL» МЧЖ директори.
Шунингдек, йиғилишда банк бошқаруви раиси лавозимига 2018 йилдан буён «Миллий банк» бошқарув раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Аброр Муҳаммадхонов номзоди тасдиқланган. Кейинчалик банк кузатув кенгаши янги таркибига мустақил аъзо сифатида икки нафар «Миллий банк» ходимлари ҳам киритилди.
Маълумот учун, чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» акциядорлик тижорат банки акцияларининг назорат пакети Рауф Комилжонов томонидан харид қилинганди. 2021 йил 29 ноябрь куни амалга оширилган битим уюшган биржа савдолари орқали амалга оширилган бўлиб, у 695,8 миллион дона оддий акцияларни харид қилган. Комилжоновнинг банк устав капиталидаги улуши ҳозирда 53,53 фоизни ташкил қилади.
Bankers.uz маълум қилишича, Комилжонов сотиб олган акциялар кимга тегишли экани маълум қилинмаган. Шу вақтга қадар «Савдогарбанк»нинг йирик акциядорлари таркибида «MEGASTRATA PTE. LTD» (30 фоиз), «ALL AMERICAS INTERNATIONAL» компанияси (13 фоиз), «Samarqand Choy Qadoqlash fabrikasi» (13,6 фоиз), «Xorazm Shakar» (7,3 фоиз) ва бошқа акциядорлар (37,1 фоиз) бор эди. Шунингдек, банк расмий сайтида Усмонов Жаҳонгир Мираброрович ҳам йирик акциядор сифатида аффилланган шахслар рўйхатида келтирилган.
Очиқ маълумотларга кўра, Рауф Комилжонов «DARVOZA SAVDO» МЧЖ (Makro чакана савдо дўконлари тармоғи)нинг 18,40 фоиз улушига эгалик қилади.






