Марказий банк киберхавфсизлик бўйича семинар ташкиллаштирди
Интернет-банкинг ва мобил-банкинг технологияларини оммабоплаштириш масалалари ўрганилган

Ўзбекистон Марказий банкида 24–26 ноябрь кунлари «Банкларда хавфсизликни таъминлаш ва ахборот муҳофазасини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари» мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбир Марказий банк ҳудудий бош бошқармаларининг тўлов тизимлари ва хавфсизлик ва ахборотни муҳофаза қилиш йўналишидаги ходимлар малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган. Семинарда тўлов тизими операторлари, кредит ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик юзасидан Марказий банк томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилган.

Қайд этилишича, киберхавфсизлик инцидентлари ва таҳдидларини аниқлаш, оқибатларидан ўз вақтида аҳолини хабардор қилиш, ҳамда уларнинг олдини олиш борасида CERT хизматларининг роли, шунингдек, ижтимоий инжинирингни қўллаган ҳолда юз бераётган молиявий фирибгарлик ҳолатлари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, банклар ва уларнинг филиалларини ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари томонидан муҳофаза этишни ташкил этиш тартиби, банкларда хавфсизлик техник-воситаларини ўрнатиш, улардан фойдаланиш ва назорат қилиш бўйича Марказий банк томонидан белгиланган талаблар ижросига ҳам тўхталиб ўтилган.

Шу билан бирга, семинар иштирокчиларига қуйидаги қатор мавзулар бўйича тушунтириш берилган:
- Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги «Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори;
- Ўзбекистонда тўлов тизимларининг ривожланиш йўналишлари;
- Хўжалик субъектларининг банклараро тўловларини 24/7 режимида амалга ошириш имконини берадиган Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими;
- QR-online фаолияти;
- Электрон пуллар муомаласини ташкил этиш;
- Рақамли иқтисодиётнинг муҳим йўналиши ҳисобланган масофавий банк хизматларини, жумладан, интернет-банкинг ва мобил-банкинг каби замонавий технологияларни ривожлантириш ва оммабоплигини янада ошириш;
- Маҳаллий тўлов тизимларининг халқаро VISA, Маstercard, UnionPay ва МИР халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро интеграцияси.
Шунингдек, аҳоли учун муомалага чиқарилган HUMO контактсиз банк карталаридан фойдаланиш NFC технологияси асосида тўловларни қабул қилиш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминалларидан самарасиз фойдаланилаётган субъектлар билан ишлашни ташкил этиш тўғрисида маълумот берилган.
Контактсиз тўлов технологиясини кенгайтириш доирасида мобил иловага (смартфонга) ўрнатилган «Humo Pay» дастури орқали банк картаси ҳамда электрон ҳамёндаги маблағлардан савдо ва хизмат кўрсатиш пунктларида контактсиз тўловларни амалга ошириш хизматини татбиқ этиш каби мавзуларда ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.
Аввалроқ Марказий банк VISA тизими билан кибертаҳдидлар ва фирибгарлик тенденцияларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Марказий банк меҳнат мигрантлари молиявий саводхонлигини ошириш лойиҳасини ишга туширгани хабар қилинди.






