Марказий банкда Жаҳон банки вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди
Мутахассислар банкларнинг бизнес модели ва кредит хавфини баҳолаш бўйича тавсиялар берди.
Жаҳон банки томонидан банк назорати ва тартибга солиш соҳасидаги техник ёрдам доирасида 10-11 май кунлари Ўзбекистон Марказий банки ходимлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки экспертлари Давит Бабасян ва Исмоил Aҳмад Фонтена иштирокидаги ўқув-семинари илғор халқаро амалиётга мувофиқ кредит муассасалари назоратининг самарали тизимини ташкил этишда Марказий банкни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилди.
Семинар давомида иштирокчилар ушбу соҳадаги илғор мамлакатлар тажрибасини ва банкларни тартибга солиш методологиясини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган рискга йўналтирилган назорат бўйича қўлланма лойиҳасини муҳокама қилган. Мутахассислар банкларнинг бизнес модели ва кредит хавфини баҳолаш бўйича тавсиялар берган.
Шунингдек, семинар-тренинг якунида иштирокчилар бир қатор тижорат банкларини синов тестларидан ўтказиш бўйича истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилди.
Аввалроқ Марказий банк кредитларга кафил бўлган фуқароларни огоҳлантирганди.