Миллиардер Тимур Турлов Россия фуқаролигидан воз кечди
Турлов ўзининг Instagram’даги саҳифасида Қозоғистон паспортини олганини маълум қилди.
Freedom Finance сармоя компанияси асосчиси Тимур Турлов Россия фуқаролигидан воз кечди. Бу ҳақда Forbes’га унинг вакили маълум қилган ва тадбиркорнинг ўзи ҳам тасдиқлаган.
Икки кун аввал, 9 июнь куни Турлов ўзининг Instagram’даги саҳифасида Қозоғистон паспортини олганини маълум қилди.
«Бу ерда эркин нафас олмоқдман. Ишонаманки, Қозоғистон ўзининг тинчликсевар ва меҳмондўст сиёсати туфайли янги, бойроқ, самаралироқ, адолатли давлат барпо эта олади», — деб ёзди у.
Турловнинг вакили Қозоғистон иккинчи фуқароликка рухсат бермаслигини, шунинг учун тадбиркор Россия паспортидан ҳам, Кариб денгизидаги Сент-Китс ва Невис давлатининг паспортидан ҳам воз кечиши кераклигини тушунтирди.
Унинг сўзларига кўра, фуқароликка қабул қилиш жараёни бундан беш йил аввал, Турлов республикада яшаш учун рухсатнома олган пайтда бошланган.
Яшаш учун беш йиллик рухсатнома фуқароликни олиш учун асосий талаб ҳисобланади. Тимур Турлов Қозоғистоннинг солиқ резиденти бўлиб, у ерда 10 йилдан ортиқ вақтдан бери оиласи билан яшайди.
Тадбиркорнинг ўзи Қозоғистон иммиграция хизматига ҳар икки давлат фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этганини айтди — бусиз у Қозоғистон паспортини ололмайди.
Турлов 2021 йилда биринчи марта Forbes глобал рўйхатига киритилди, у 2,1 миллиард доллар бойлиги билан 1517-ўринни эгаллади.
Миллиардернинг бойлиги 2022 йилда 2,4 миллиард долларга баҳоланиб, россияликлар орасида 36-ўринни эгаллади. Худди шундай 2,4 миллиард долларга эга Қозоғистон фуқаролари рўйхатида у бешинчи ўринда турган бўларди.